Қаҳва – дунёдаги энг машҳур ичимликлардан бири бўлиб, кўпчилик уни нафақат тетиклик учун, балки кунни самарали бошлаш воситаси сифатида ҳам истеъмол қилади. Аммо қаҳванинг фойдалари нафақат уни ичиш фактига, балки унинг қайси вақтда истеъмол қилинишига ҳам боғлиқ эканлиги илмий тадқиқотлар билан тасдиқланган.
"European Heart" журналида чоп этилган кенг кўламли тадқиқот натижаларига кўра, тонгда қаҳва ичиш юрак касалликлари ва бевақт ўлим хавфини сезиларли даражада камайтириши мумкин. Тадқиқотда 1999 йилдан 2018 йилгача бўлган даврда 40 мингдан ортиқ инсоннинг қаҳва истеъмоли ва саломатлиги ўрганилган. Олимларнинг таъкидлашича, айниқса, эрта тонгда (04:00–11:59 оралиғида) кунига бир-икки чашка қаҳва ичиш юрак хуружи ва эрта ўлим хавфини камайтиришга ёрдам беради.
Бироқ, ҳаддан ташқари кўп қаҳва ичиш тескари таъсир кўрсатиши, яъни уйқу бузилишлари, юрак уришининг тезлашиши ва қон босимининг ошишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун, меъёрида ичиш тавсия этилади.
Умуман олганда, соғлом турмуш тарзининг бир қисми сифатида қаҳва ичиш умрни узайтириши мумкин, лекин бу бошқа омиллар (масалан, тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик ва стресс даражаси) билан ҳам боғлиқ.