Суд-тиббий экспертиза хулосаси: фуқаронинг ўлимига вакцина сабаб бўлмаган
Озиш жараёнини секинлаштирувчи одатлар

Кўпчилик озиш учун турли парҳез ва машғулотларни синаб кўради, лекин баъзан натижа кутилганидек бўлмайди. Бунинг сабаби, баъзи кундалик одатлар вазн йўқотиш жараёнини сезиларли даражада секинлаштириши ёки ҳатто уни тўхтатиб қўйиши мумкин.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, озиш учун фақат калорияларни ҳисоблаш ёки жисмоний машқлар қилиш етарли эмас. Уйқунинг етарли бўлиши, тартибли овқатланиш, сув ичиш, юқори калорияли ичимликлардан воз кечиш каби омиллар ҳам катта аҳамиятга эга. Шунингдек, фойдали деб ҳисобланган баъзи озиқ-овқатларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш ёки оч қоринга бирданига кўп овқат ейиш ҳам вазн йўқотиш жараёнига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Қуйида озиш жараёнини секинлаштирувчи энг кенг тарқалган одатлар ва уларни бартараф этиш йўллари билан танишиб чиқамиз.

Уйқуга тўймаслик

Тадқиқотларга кўра, 7 соатдан кам ухлайдиган одамларда вазн ортиш хавфи 30% га ошади. Уйқусизлик эса иштаҳани очиб юборади.

Танада сув етишмаслиги

Ҳар бир инсон кунига ҳеч бўлмаса 2 литр сув ичиш кераклигини билади, лекин бу қоидага жуда озчилик амал қилади. Сув нафақат терини намлантиради, балки жигар ва буйраклар фаолиятини ҳам нормаллаштиради. Бир стакан сув енгил очликни бартараф этиши мумкин.

Тартибсиз овқатланиш

Нонушта ёки кечки овқатни ўтказиб юбориш — озиш ҳаракатида бўлганларнинг энг асосий ва кўп такрорлайдиган хатоси. Танани куннинг маълум қисмида оз бўлса-да  калория билан таъминлаб туриш керак. Энг оқилона ечим кунига 4-5 марта кичик қисмлар билан овқатланишдир.

Юқори калорияли ичимликларни истеъмол қилиш

Парҳезбоп кола ичишга одатланганмисиз? Сизга бир сирни очамиз: ҳеч қайси бир газли ширин ичимлик парҳезбоп бўлмайди. Шакар қўшилмаган, деб ёзилган газли ва алкоголсиз таркибида сунъий ширин таъм берувчилар мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти иштаҳани қўзғатиб юборади ва организмга ҳеч қандай фойдали томони бўлмайди.

Фойдали озиқ-овқатларни ортиқча истеъмол қилиш

Баъзилар қуритилган мева ёки ёнғоқларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиб юборади, аммо бундай газаклар фойдали бўлиши билан бирга калорияси юқори озиқ-овқатлар саналади.

Балансли овқатланиш тартибига риоя этмаслик

Тананинг оптимал ишлаши учун кунлик нормада оқсиллар, ёғлар, углеводларга тўла таомлар билан организмни бойитиш лозим. Ушбу мувозанат бузилса, масалан, ёғлар ёки углеводлар сони ортиб кетса, парҳез ва спорт машқлари самараси камаяди.

Кундалик машқлар режасини тузмаслик

Югуриш ва бошқа кардио машқлари юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш учун фойдалидир. Аммо вазн йўқотиш учун оғирроқ турдаги машқларини кундалик машғулотлар рўйхатига киритиш лозим.