Туш кўриш — уйқуда содир бўладиган ноёб ва ҳайратланарли психик жараён. Одам тушни асосан уйқунинг енгил босқичларида кўради. Уйқу жараёни бир неча босқичларга бўлинади: чуқур уйқу, енгил уйқу ва парадоксал уйқу. Туш кўриш, одатда, парадоксал уйқу босқичида содир бўлади.
Чуқур уйқу пайтида бош миянинг нерв ҳужайралари тўлиқ дам олади, шунинг учун бу босқичда туш кўрилмайди. Аммо енгил уйқу даврида бош миянинг айрим қисмлари, айниқса, энса қисмидаги кўриш марказлари ҳали фаол бўлади. Ана шу фаолият сабабли туш кўриш жараёни содир бўлади.
Таниқли олим И.М.Сеченов шундай деган: "Туш кўриш — инсоннинг кундалик ҳаётида кўрган, ҳис қилган ва кечирган таассуротларининг уйқу пайтида ғалати ва аралаш тарзда намоён бўлишидир."
Баъзида тушларда инсон ҳеч қачон кўрмаган, эшитмаган ёки ўйламаган нарсалар пайдо бўлади. Бунинг сабаби шундаки, одам ўз ҳаётида кўплаб ҳодисаларни англамайдиган даражада сезади, лекин улар бош мияда из қолдиради. Ушбу «маълумот излари» уйқуда қайта тикланиб, туш сифатида акс этади.
Кўпинча, инсон тушида касаллик аломатларини кўради ва бир неча кун ёки ҳафта ўтиб, ўша касаллик рўй беради. Бунинг сабаби шундаки, кўпгина касалликлар организмда секин-аста пайдо бўлади. Кундузги пайтда инсоннинг ҳис-туйғулари ташқи муҳитдан келадиган маълумотларни қайта ишлаш билан машғул бўлгани учун касалликнинг кучсиз белгиларини сезмайди. Уйқу пайтида эса бош мия ташқи омиллардан ҳоли бўлиб, организмдаги ноёб сигналларни қабул қилади ва бу туш сифатида акс этади.
Кадимги даврдан буён туш ҳақида кўплаб олимлар қизиқарли фикрлар билдиришган. Галлен, Гиппократ, ар-Розий ва Ибн Синонинг таъкидлашича, инсоннинг мижози қандай бўлса, унинг тушлари ҳам шу ҳолатга мос келар экан. Масалан, қаттиқ иссиқ мижозли одам оғир тушлар кўрса, ўртача иссиқ ва қурғоқ мижозлилар енгил ва ёқимли тушлар кўришади.
Ибн Сино бу ҳақда шундай деган: "Инсон овқатга тўйиб ухласа, тўзиб кетган, алоқ-чалоқ тушлар кўриши мумкин. Бу ҳолда унинг тана ва руҳияти тўлиқ ҳордиқ ололмайди. Кам овқатланиб ухлаганда эса тушлари равшан ва осуда бўлади, қон айланиши меъёрга келади ва организмига янги куч қўшилади."
Шунингдек, кундузги уйқу кўпинча салбий таъсир кўрсатади. У тери рангига, асабларга ва иштиҳага зарар етказиши, ҳатто безгакка ўхшаш касалликларни қўзғатиши мумкин.
Туш орқали кашфиётлар ёки ижодий асарларнинг юзага келгани ҳақида кўплаб мисоллар бор. Масалан, Абдулла Қодирийнинг "Меҳробдан чаён" асарини ёзишдан аввал Солиҳ Маҳдумни тушида кўргани маълум. Ёки Д.И.Менделеев кимёвий элементларнинг жойлашувини тушида кўрган ҳолда ўз жадвалини яратган.