Янги туғилган чақалоқларнинг уйқуга бўлган эҳтиёжи катталарникидан анча фарқ қилади, чунки улар кўп вақтни уйқуда ўтказадилар. Аммо баъзи ҳолларда, чақалоқлар тунда тинч ухлай олмайдилар. Ушбу ҳолатнинг сабаблари турли омилларга боғлиқ бўлиб, уларнинг баъзилари табиий жараёнлар билан боғлиқ, бошқалари эса ташқи муҳит ёки саломатлик ҳолатлари билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Чақалоқлар қанча ухлаши керак?
Уйқу меъёри жажжи одамлар ҳаётининг дастлабки уч ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра, 14—17 соатни ташкил қилиши керак. Бироқ бу рақамлар тахминий, агар чақалоқ бундан кўп ёки камроқ ухласа, лекин ўзини яхши ҳис қилса, хавотир олишнинг кераги йўқ.
Уч ойгача бўлган чақалоқлар уйқусида:
• Скелет шаклланишида муҳим роль ўйнайдиган соматотропин гормони ишлаб чиқарилади;
• Иммунитетни тиклайдиган Т-лимфоцитлар фаоллашади ва вирус ҳамда бактерияларни йўқ қилади;
• Тўқималарда метаболизм жараёни кучаяди;
• Ҳужайралар янгиланади;
• Асаб тизими бўшашади.
Кичкинойларнинг уйқуси ҳам катталарники сингари икки хил бўлиши мумкин:
• Секин уйқу даври: мия нофаол, тана бўшашган, нафас олиши бир текис ва хотиржам, гўдак тўлиқ дам олади, жисмоний кучни тиклайди.
• Тез уйқу даври: юрак уриши, нафас олиши тезлашади, қўл-оёқ, кўзлари ҳаракатланади, туш кўради.
Уйқу вақтида бу икки давр ўзаро алмашиб туради. Чақалоқнинг уйқуси ўзига хос бўлиб, унинг асосий қисмини тез уйқу ташкил қилади. Бу даврда бола уйқусида жилмайиши, оёқ-қўлини ҳаракатлантириши мумкин. Улғайган сари уйқунинг секин даври кўпайиб, бола янада тинчроқ ухлай бошлайди.
Безовта уйқунинг асосий сабаблари:
• Боланинг қорни тўймаслиги — очлик;
• Қорин дам бўлиши;
• Ортиқча ҳис-туйғулар;
• Ноқулай уйқу шароити;
• Организмдаги касалликлар;
• Интракраниал босимнинг ошиши.
Қорин тўймаслиги
Она сути билан озиқланадиган болалар овқатланиш учун ҳар 1—3 соатда уйғонади, сунъий аралашмаларда ҳар 2—5 соатда овқатланади, чунки ошқозон-ичак тракти учун бўтқанинг ҳазм жараёни узоқроқ давом этади. Кўкрак сути билан озиқланадиган кичкинтойларни уларнинг талаби бўйича парваришлаш тавсия этилади. Бу боланинг озиқавий эҳтиёжини қондирибгина қолмай, балки тинчланишини ҳам таъминлайди.
Она боласини ортиқча овқатланишидан қўрқмаслиги керак, улар ҳеч қачон керакли миқдоридан кўп овқат емайди. Агар онада сут кам бўлса, чақалоқ кўп ухламайди, безовта бўлади, вазни етарлича кўпаймайди, пешоб чиқариши камаяди ва тери қуриши кузатилади.
Қорин дам бўлиши
Олимлар фикрига кўра, ошқозон-ичак йўллари ҳали тўлиқ ривожланмаган ва номуккаммал мотор функцияси ичакларда газ ҳосил бўлишига олиб келади ва оғриқ беради. Бунда бола безовталанади, яхши овқатланмайди, кекирмайди, кўнгли айнийди, кўпинча оёқлари тепинади. Баъзида бошини орқага ташлаши мумкин. Қорин дам бўлиши физиологик меъёр бўлиб, уч ойдан ошгандан сўнг ўз-ўзидан камаяди.
Бундай вазиятда нима қилиш керак?
• Она парҳезга аҳамият бериши зарур: ширинлик, дуккакли маҳсулотлар, сабзавотлардан карам, турп ва газли ичимликларни истеъмол қилмаслиги керак.
• Сунъий озиқлантирилса, бўтқаларни тўғри танлаш керак.
• Овқатланишда бурундан нафас олиш, оғиздан ҳаво ютмаслик, овқатлангандан сўнг болани тик ҳолатда бироз кўтариш тавсия этилади.
Ортиқча ҳис-туйғулар
Дастлабки уч ойда эшитиш ва кўриш тез ривожланади. Чақалоқ эшитганларини кўрганлари билан таққослашни ўрганади ва бир-бирига боғлашга ҳаракат қилади. Уйқу пайтида боланинг мияси уйғоқлик пайтида олган барча таассуротларни қайта ишлайди ва таҳлил қилади. Шунингдек, баланд мусиқа, кўплаб одамлар, кучли эмоциялар — уйқу бузилишига олиб келиши мумкин.
Ноқулай уйқу шароити
Хонадаги ҳаво ҳарорати 20—22 даража, ҳаво намлиги 40—60 фоиз, табиий матолардан тикилган кийимлар, намланган тагликни вақтли алмаштириш зарур.
Соматик касалликлар
Чақалоқларда энг кўп учрайдиган соматик касалликлар — бу бурун битиши ва тери яллиғланишидир. Бурун битиши туфайли нафас олиши қийинлашади ва уйқуси бузилади. Қизариш ва қичишиш терини яллиғлантиради ва болани безовта қилади. Бу ҳолда шифокор билан маслаҳатлашиб, даволаш чораларини кўриш керак.
Интракраниал босим ошиши
Миянинг биологик суюқлиги сув, аминокислоталар, ферментлар, микроэлементлардан иборат. У мия ва орқа мия ҳужайраларини озиқлантиради ва метаболик чиқиндиларни чиқариб ташлайди. Суюқликнинг кўпайиши интракраниал босимнинг ошишига олиб келади.
Белгилари:
• Сабабсиз кўп йиғлайди;
• Уйқиси нотинч бўлади;
• Кўп қайт қилади;
• Иштаҳа камаяди;
• Боши катталашиши мумкин.
Бу ҳолатда болалар неврологи билан маслаҳатлашиш ва зарур даволаш чораларини кўриш зарур.