Суд-тиббий экспертиза хулосаси: фуқаронинг ўлимига вакцина сабаб бўлмаган
Нимага болалар боғчадан кўпинча касал бўлиб қайтишади ?

Қиш фасли келиши билан болалар орасида касалликлар кўпайиши кўпчилик ота-оналарга яхши таниш ҳолат.  Бола боғчага борганидан кейин кетма-кет касал бўлиб қолиши, совуқ мавсумнинг таьсири билан бир қаторда, бир нечта бошқа омиллар билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Нафақат болалар, балки катталар ҳам иш жойини ўзгартирганида янги ҳамкасблар даврасида турли вирус ва бактерияларни юқтириб олиши мумкин. Барча бир-бирининг микрофлорасига ўрганмагунича касалланиш ҳолатлари қайталанаверади.   Катта одамлар янги ҳамкасблар олдига борганда 1-3 мартагача касалланса, ёш болаларда бу ҳолат ҳар 2-4 ҳафтада қайталаниши мумкин. Гап шундаки, катталарнинг иммун тизими болалардан фарқли равишда тўлиқ ривожланиб бўлган. Боғчага боришни бошлаган болада ҳамма нарса: овқатланиш режими, яқинлари ва дўстлари билан мулоқот қиладиган вақт, ўйинчоқлар ҳамда одатлар ҳам буткул ўзгаради. Стрессга сабаб бўладиган бу каби ҳолатлар асаб тизимини қўшимча зўриқтиради.

Бола боғчага боришни бошлаганда инфексия билан зарарланиш ҳолати кўп кузатилмаслиги учун нима қилиш керак?

Бола ҳар гал боғчадан ёки кўчадан уйга келганида қўлларини совунлаб ювиш керак. Бунда чанг ва бир қанча микроорганизмлар ювилиб кетади. Болага аксирганда оғзини кафтлари билан эмас, тирсаклари билан ёпиш кераклигини ўргатинг. Бу аксирганда ажралган бактериялар атрофга тарқалишининг олдини олади.                                                           

Болага стресс кам бўлиши ва осон мослашиши учун тўлиқ боғчага беришдан аввал бироз муддатга олиб бориб туринг, дастлабки ҳафта давомида онаси ёнида бўлса, яна яхши. Боғчага чиқишдан аввал пневмокок, менингокок ва шу каби бошқа инфексияларга қарши эмланиши ҳақида қайғуринг. Бу болани вирусли инфексия билан касалланишдан сақламаса ҳам, бактериал асоратларнинг олдини олади.

Болага ортиқча қўшимча дори воситалари: поливитаминлар, иммуномодулятор ва бошқалар бериш тавсия қилинмайди. Мазкур препаратлар боланинг жигари ва буйрагига зарар етказиб, аллергия келтириб чиқариши мумкин.