Стресс ва ташвишлар бугунги кунда кўплаб одамларнинг кундалик ҳаётида учрайди. Бундай ҳолатларда, улар ўзларини тинчлантириш ёки кайфиятини яхшилаш учун турли хил усулларни қидиришади. Баъзи озиқ-овқатлар эса стрессни камайтириш ва руҳий ҳолатни яхшилашда ёрдам бериши мумкин. Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, баъзи ширинликлар ва озуқавий моддаларга бой маҳсулотлар кайфиятни яхшилашда ва стрессни пасайтиришда муҳим роль ўйнайди.
Шоколад
Шоколад ширинлиги кортизол, яъни стресс гормони даражасини пасайтиради. 60 нафар киши иштирокида тадқиқот олиб борган олимлар шундай хулосага келишган. Иштирокчилар икки ҳафта давомида кунига 40 грамм қора ва сутли шоколад истеъмол қилган. Натижада, ширинликларни истеъмол қилганларнинг стресс даражаси пасайган. Аслида аччиқ ва қора шоколадлар энг фойдалисидир, аммо тадқиқотлар сут маҳсулотлари ҳам ташвишларни камайтиришини аниқлади. Демак, кайфиятингиз тушганда ўзингизни қора шоколад ейишга мажбурламай, севимли сутли шоколад билан тамадди қилишингиз мумкин. Асосийси, бу маҳсулот юқори калорияли эканлигини унутманг.
Лосось балиғи
Лосось таркибида кўплаб озуқавий моддалар, жумладан D витамини, ЭПА ва DHA омега-3 ёғ кислоталари мавжуд. Улар организмга тинчлантирувчи таъсир кўрсатадиган дофамин ва серотонин гормонларини ишлаб чиқаришга ёрдам беради. D витаминини истеъмол қилиш нейрокогнитив дисфункция хавфини — хотира, диққат ва нутқ билан боғлиқ муаммоларни камайтиради.
Берген университети тадқиқотчилари маълумотига кўра, беш ой давомида ҳафтасига уч марта Атлантика лососини истеъмол қилган одамлар товуқ, мол гўшти еганларга қилганларга қараганда камроқ стрессни бошдан кечирган. Бундан ташқари, уларнинг юрак уриш тезлиги яхшиланган.
Авокадо
Авокадо стрессни камайтириши ҳақида тадқиқот йўқ, аммо ушбу мева магний манбаи ҳисобланади. Олимлар магний моддасининг етишмаслиги стрессга мойиллик ошишига сабаб бўлишини таъкидлайди.
Йогурт
Пробиотикли йогуртлар руҳий саломатликни яхшилаши мумкин. Кичик бир тажриба шуни кўрсатдики, аёлларда бу маҳсулот ҳиссиётларни бошқарадиган мия қисмига ижобий таъсир кўрсатади. Йогурт уйқу сифати ва юрак уриш тезлигининг яхшиланишига ҳамда стресс индексининг камайишига ёрдам беради.
Аммо пробиотикларнинг аксарияти ошқозонда нобуд бўлади, шунинг учун йогуртнинг ўзи стрессга қарши даво бўла олмайди. Агар сизда депрессия белгилари бўлса, психотерапевтга мурожаат қилиш керак.
Лавлаги
Ушбу сабзавот таркибида магний кўп бўлиб, стрессни камайтиради. Аммо инсоннинг руҳий ҳолатига жуда кўп омиллар таъсир қилади, шу сабабли фақат лавлаги таркибидаги магний тушкунликда ёрдам бермайди. Бу ҳақиқатни тушуниш жуда муҳимдир.