Суд-тиббий экспертиза хулосаси: фуқаронинг ўлимига вакцина сабаб бўлмаган
Жиғилдон қайнаганда нима қилиш керак?

Замонавий тиббиёт ютуқлари билан бир қаторда халқ табобати ҳам кўплаб касалликларни даволашда самарали натижалар бериб келмоқда. Турли табиий маҳсулотлар ва оддий муолажалар инсон саломатлигини тиклаш ва мустаҳкамлашга ёрдам беради. Ошқозон-ичак тизими билан боғлиқ муаммолар, жумладан, қорин оғриғи, жиғилдон қайнаши ва овқатдан заҳарланиш каби ҳолатларда табиий воситалар кўпинча тез ва хавфсиз ечим сифатида қўлланилади. Қуйида ошқозон-ичак тизими муаммоларини енгиллаштириш ва даволаш бўйича халқ табобатининг энг машҳур ва фойдали усуллари ҳақида сўз юритамиз.

Игна билан даволаш

Британиялик олимларнинг тадқиқотларига кўра, жиғилдон қайнашини игна билан даволаш (акупунктура) самарали усуллардан бири ҳисобланади. Тадқиқотда, айниқса ҳомиладор аёлларда жиғилдон қайнаши кўп кузатилгани сабабли, ушбу муолажа синовдан ўтказилган. Ҳомиладорлик даврида гормонал ўзгаришлар ошқозонда дискомфорт, кўнгил айниши, қоринда шиш ва жиғилдон қайнашига сабаб бўлади. Ушбу симптомлар ҳомиладор аёлларнинг 45—80 фоизида учрайди ва ҳомиладорлик муддати ўтиши билан янада кучайиши мумкин.

Тадқиқот давомида ҳомиладор аёллар тасодифий равишда икки гуруҳга бўлинган. Биринчи гуруҳга одатий тиббий муолажалар тавсия қилинган, иккинчи гуруҳ эса стандарт муолажалар билан бирга ҳафтада бир-икки марта акупунктура муолажасини ҳам олган. Натижада, иккинчи гуруҳдаги аёлларда ошқозон-ичак муаммолари камроқ кузатилган ва улар жиғилдон қайнашидан деярли шикоят қилмаганлар. Акупунктура олган беморлар шифокорларга қўшимча ёрдам учун ҳам камроқ мурожаат қилган.

Жиғилдон қайнаганда нима қилиш керак?

Жиғилдон қайнаши безовта қилганда аччиқ, нордон, ёғли ва қовурилган маҳсулотлардан тийилиш лозим. Мойчечак ва мавракдан бир чой қошиқ олиб, устига қайноқ сув қуйиш ва дамлаш тавсия этилади. Ушбу дамламани 1—3 ой давомида, кунига 7—8 марта ҳар икки соатда бир қошиқдан ичиш керак. Бундан ташқари, сабзи шарбати ҳам фойдали бўлиб, ошқозон суюқлиги кўп ажралганда уни кўпроқ ичиш тавсия этилади. Халқ табобатида жиғилдон қайнашини камайтириш учун бир стакан сувга бир чой қошиқ сода қўшиб ичиш усули мавжуд. Бироқ, ушбу усул жигарга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги учун уни кўп ишлатиш тавсия этилмайди.

Овқатдан заҳарланганда — марганцовка

Сифатсиз овқатдан заҳарланганда марганцовка эритмаси ёрдам беради. Марганец-нордон калий аралашмаси ошқозонни тозалашга ва енгиллик беришга ёрдам беради. Уни тайёрлаш учун бир литр сувга бир неча томчи марганцовка қўшиш кифоя. Эритма оч пушти рангга кириши керак. Эрталаб ва кечқурун катталар бир стакандан, болалар эса ярим стакандан ичишлари тавсия этилади. Бундан ташқари, ушбу эритмадан ҳуқна (клизма) сифатида ҳам фойдаланиш мумкин. Уйда ҳар доим антисептик ва бошқа фойдали хусусиятларга эга доривор ўсимликларни сақлаш тавсия этилади. Қизилпойча, мойчечак ва наъматак шулар жумласидан.

Гуручнинг фойдаси

Агар қорнингиз оғриса, дам бўлса ёки жиғилдон қайнаши безовта қилса, қайнатилган гуруч истеъмол қилиш тавсия этилади. Ҳар икки соатда бир стакан гуруч қайнатмасининг учдан бир қисмини ичиш фойдали бўлиши мумкин. Шунингдек, қорағатдан тайёрланган чой ва мойчечак қўшилган қизилпойча дамламаси ҳам тинчлантирувчи таъсирга эга.