Суд-тиббий экспертиза хулосаси: фуқаронинг ўлимига вакцина сабаб бўлмаган
Инсон неча ёшда қарий бошлайди?

Инсон организми мураккаб тизим бўлиб, вақт ўтиши билан унда турли биологик ўзгаришлар юз беради. Қариш жараёни узоқ йиллар давомида олимларни қизиқтириб келган ва бу борада кўплаб тадқиқотлар олиб борилган. Сўнгги илмий изланишлардан бири АҚШда ўтказилиб, у инсон танасида қаришнинг аниқ босқичлари мавжудлигини аниқлашга ёрдам берди. Тадқиқот давомида 25 ёшдан 70 ёшгача бўлган иштирокчиларнинг организмидаги молекулалар ва микроорганизмлар таҳлил қилиниб, инсон саломатлигидаги кескин ўзгаришлар асосан икки муҳим босқичда содир бўлиши кузатилди. Натижада 246 миллиарддан ортиқ маълумот йиғилди ва йиғилган маълумотлар асосида изланишлар олиб борилди.

Аниқланишича, инсон саломатлигидаги кескин ўзгаришлар икки босқичда: биринчиси ўртача 44 ёшда, иккинчиси эса 60 ёшда содир бўлади. Тадқиқотчиларни кексайишнинг биринчи босқичи кўпроқ таажжублантирди, чунки иккала жинсдаги инсонларда қариш жараёни бир хил вақтда бошланган эди.

Дастлаб олимлар аёлларнинг қариши менопаузадан аввалги ўзгаришлар билан боғлиқ, деб ўйлаган, аммо қарама-қарши жинс вакилларида ўтказилган тестлар бир хил натижа берган.

“Эҳтимол, эркакларда ҳам, аёлларда ҳам ёшдаги ўзгаришларга таъсир қилувчи бошқа муҳимроқ омиллар ҳам мавжуд”, дейди тадқиқот муаллифларидан бири Сяотао Шен.

Қаришнинг биринчи босқичида юрак-қон томир касалликлари билан боғлиқ молекулаларда ва организмда алкоголь, кофеин ва липидларнинг сингиш жараёнида катта ўзгаришлар юз беради. Иккинчи босқичда углевод алмашинуви, буйраклар фаолияти ва иммунитетни тартибга солиш учун масъул бўлган молекулалар зарарланади. Тери ва мушаклар эса иккала босқичда бирдек қарийди.

Олимлар қайд этишича, иштирокчилардан олинган биологик намуналар ҳажми ва сони камлик қилади ва қўшимча тадқиқотлар ўтказиш талаб этилади. Бундай натижалар инсон танасининг вақт ўтиши билан қандай ўзгаришини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.