Иммунитет – бу организмнинг турли касалликлар ва инфекцияларга қарши курашиш қобилияти. Уни сақлаш ва кучайтириш ҳар бир инсоннинг соғлиғини яхши ҳолатда сақлаш учун жуда муҳимдир. Бироқ, баъзи кундалик одатларимиз иммунитет тизимининг заифлашишига сабаб бўлиши мумкин. Ҳар куни амалга оширадиган баъзи ножўя одатлар, масалан, етарлича сув ичмаслик, рационал овқатланмаслик, уйқунинг этишмаслиги ёки жисмоний фаолликнинг пастлиги иммунитетни пасайтириши мумкин.
Сувни етарли даражада ичмаслик
Сув истеъмолининг кунлик миқдори 1,5-2 литрни ташкил қилиши керак. Жисмоний фаоллик ёки фаол терлаш ҳолатида бу миқдорни ошириш зарур. Сув етишмаслиги сувсизланиш, қоннинг ёмонлашиши ва шиллиқ пардаларнинг қуришига олиб келиши мумкин. Натижада, иммунитет инфекцияларга қарши курашишга қийналади.
Ҳавони намлантирмаслик
Қишда иситиш тизимлари туфайли хона ҳавоси жуда қуруқ бўлади, бу эса тери ва шиллиқ пардаларнинг яллиғланишига олиб келади ва иммунитетни заифлаштиради. Қуруқ ҳаво, шунингдек, гаплашиш ёки йўталганда тарқаладиган вирус ва бактерияларни узоқ вақт давомида сақлаб қолиши мумкин.
Рационал овқатланмаслик
Озиқ-овқатда хилма-хил маҳсулотлар етарлича бўлмаса ёки айрим маҳсулотлар қатъиян чекланса, витамин ва минераллар етишмайди. Бу ҳолат иммунитетнинг пасайишига олиб келади. Ширинликлар ва газланган ичимликларни кўп истеъмол қилиш қон шакарини оширади ва тери ҳамда шиллиқ пардаларда бактерияларнинг кўпайиши учун қулай шароит яратади.
Уйқунинг етарли эмаслиги
Уйқуда организм тикланади ва қувват тўплайди. Сурункали уйқусизлик эса иммунитетнинг заифлашишига, касалликларга қарши чидамлиликнинг пасайишига олиб келади.
Спорт билан шуғулланмаслик
Жисмоний фаоллик иммунитетни кучайтиришнинг асосий омилларидан биридир, айниқса очиқ ҳавода машқ қилиш. Яхши қон айланиши иммун тизимининг ҳужайраларига организмнинг барча қисмларида ҳимоя вазифасини самарали бажаришга ёрдам беради.