Депрессия узоқ вақт давомида ўта тушкун кайфият, фикрлар карахтлиги ва ҳар қандай онгли фаолиятга бўлган интилишнинг йўқолиши билан кечадиган касалликдир. Aёллар эркакларга қараганда икки баробар кўпроқ депрессияга чалинади. Aгар ўзингизда депрессияга хос белгиларни сезсангиз, тўғри ташхис қўйиш учун психиатр билан маслаҳатлашинг. У сизнинг аҳволингизни яхшироқ тушунишга ёрдам беради, даволаниш усулларини таклиф қилади ва индивидуал тавсиялар беради.
Психиатр кўригига бориш имкони бўлмаса, ўзимизга қандай ёрдам беришимиз мумкин?
Aввало, психогигиена, яьни бизнинг фаровонлигимизни таьминлайдиган турмуш тарзига эьтибор қаратиш зарур. Психогигиена қуйидагиларни ўз ичига олади:
Уйқу тартиби ва гигиенаси — ҳар куни бир хил вақтда ухлаш ва уйғониш, уйқу пайтида сукунат ва қоронғиликни таьминлаш, шунингдек, 7-8 соатлик ҳордиқ.
Вақтида овқатланиш — фойдали, тўйимли ва хилма-хил овқатланиш.
Жисмоний фаолият — Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) кунига ярим соат юриш ва ҳафтада 2-3 марта жисмоний машқлар билан шуғулланишни тавсия қилади.
Меҳнатдан сўнг дам олиш — ўзига ҳаддан ташқари иш ва вазифаларни юкламаслик, дам олиш кунларини иш билан ўтказмаслик ва таьтилга чиқишни унутманг.
Aлкогол ва бошқа психикага таьсир қилувчи моддалардан воз кечиш — бундай ичимликлар кайфиятни бошқарадиган биологик моддаларни етарли даражада ишлаб чиқарилишини тўхтатади ва натижада кайфият янада пасая бошлайди.
Тартиб — руҳий гигиена тамойилларидан бири атроф-муҳитни ва қалбни тоза сақлашдир. Уйда кичик бир ишни бажариш ёки гўзалликни кўриш инсонга ўзидан қониқиш ҳиссини беради.
Ҳобби — иш, оила ва бошқа мажбуриятлардан ташқари қувонч ва хотиржамлик олиб келадиган машғулот бўлиши керак. Ҳобби бизга ишимиздан завқланишга ёрдам беради, бу эса руҳан куч беради ва кайфиятни кўтаради.
Инсонда нафақат жисмоний, балки ҳиссий эҳтиёжлар ҳам мавжуд. Уларни тушуниш ва қалбга қулоқ солиш жуда муҳим. Бундай эҳтиёжларга мисол тариқасида меҳр-муҳаббат бериш ва қабул қилиш, ҳис-туйғуларни ифодалаш, мулоқот қилиш ва далда олишни келтириш мумкин. Ҳиссий эҳтиёжларимизни бепарво қолдирмаслик бизнинг фаровонлигимиз ва ривожланишимиз учун жуда муҳимдир. Aгар бу жараён қийин бўлса, психолог ёки психотерапевт ёрдамида ишлаш фойдали бўлади.
Барчамиз ички хавотир ва тушкунликнинг асосий сабабларини англашимиз, уларни тушуниш ва ички мулоқот орқали қалбдаги зиддиятларни бартараф этишимиз лозим. Бу орқали биз депрессив хаёллар ва тушкунликнинг олдини олишни ўрганамиз ва уларни енгишда қандай усуллардан фойдаланиш кераклигини билиб оламиз.