Суд-тиббий экспертиза хулосаси: фуқаронинг ўлимига вакцина сабаб бўлмаган
Бўйрак фаолиятига салбий таъсир кўрсатувчи одатлар

Буйраклар организмнинг муҳим аъзоларидан бири бўлиб, уларни соғлом сақлаш учун зарарли одатлардан воз кечиш муҳим. Нотўғри овқатланиш, суюқлик етишмовчилиги ва зарарли турмуш тарзига риоя қилиш буйрак касалликларига олиб келиши мумкин. Қуйида буйрак фаолиятига салбий таъсир қилувчи одатлар билан танишиб чиқамиз.

Етарли даражада сув ичмаслик

Сув организмнинг тўғри ишлаши учун зарур бўлиб, етарли даражада сув ичмаслик буйракларга ортиқча юк тушишига сабаб бўлади. Кунига камида 1,5 литр суюқлик истеъмол қилинмаса, организм натрийни парчалаш ва қон босимини меъёрда ушлаб туриш учун етарли сув ололмайди, бу эса буйрак фаолиятининг ёмонлашишига олиб келиши мумкин.

Қон босимининг ошиши

Гипертония бутун организмга, айниқса, буйракларга зарар етказиши мумкин. Юқори қон босими буйрак томирларини шикастлаб, уларнинг нормал ишлашига тўсқинлик қилади. Шу сабаб қон босимини мунтазам кузатиб бориш ва керак бўлса, шифокорга мурожаат қилиш муҳим.

Чекиш

Чекиш нафақат юрак-қон томир тизимига, балки буйракларга ҳам зарар етказади. Тадқиқотларга кўра, чекишни 16 йил ёки ундан кўпроқ вақт давомида тарк этган одамларда буйрак саратони хавфи 40 фоизга камаяди. Шунингдек, чекиш қон томирларига зарар етказиб, қон босимининг ошишига сабаб бўлиши мумкин.

Халқ табобатидан эҳтиётсиз фойдаланиш

Кўпчилик доривор ўсимликларни хавфсиз деб ҳисоблайди, аммо баъзи ўсимликларнинг таркибидаги моддалар буйракларга зарар етказиши ёки уларнинг фаолиятини ёмонлаштириши мумкин. Шу сабаб халқ табобати усулларидан фойдаланишдан олдин шифокор ёки фармацевт билан маслаҳатлашиш муҳим.

Оғриқ қолдирувчи дориларни назоратсиз қабул қилиш

Аспирин ва ибупрофен каби яллиғланишга қарши дорилар узоқ муддат қабул қилинганда буйракларга қон етказиб беришни камайтириб, уларда чандиқ тўқималар пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун бу дориларни шифокор тавсиясисиз қабул қилмаслик лозим.

Қайта ишланган гўшт маҳсулотларини истеъмол қилиш

Сосиска, колбаса каби қайта ишланган гўшт маҳсулотлари консероген бўлиб, улар таркибида ортиқча туз мавжуд. Бундай маҳсулотлар истеъмол қилинганда буйракларга қўшимча юк тушади ва натижада кальций ажралиши ортиб, буйрак тошлари пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин.