Бугунги кунда кўпчилик одамлар ҳаракатсиз турмуш тарзи, узоқ вақт нотўғри ҳолатда ўтириш ёки ишлаш натижасида юзага келадиган соғлиқ муаммоларига дуч келмоқда. Айниқса, бўйин умуртқа поғонасида ривожланадиган остеохондроз касаллиги жуда кенг тарқалган.
Бўйин остеохондрози – нафақат кекса ёшдагилар, балки ёш авлод орасида ҳам учраётган муҳим тиббий муаммодир. Ушбу касалликнинг белгилари, сабаблари ва уни даволаш усуллари ҳақида етарлича маълумотга эга бўлиш, муаммонинг олдини олиш ва соғлиғингизни сақлашга ёрдам беради. Қуйида касалликнинг сабаблари, асосий белгилари ва уй шароитида ёрдам берувчи машқлар ҳамда даволаш усуллари ҳақида батафсил маълумот олишингиз мумкин.
Бўйин умуртқа поғонаси жуда ҳаракатчан бўлиб, ундан бир нечта асаб томирлари ва умуртқа артерияси ўтади. Бу артериянинг асосий вазифаси орқа мия ва узунчоқ мияни қон билан таъминлашдир. Агар остеохондроз туфайли умуртқа артерияси босилса, бел ва бош мия ишемияси пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун бу касалликка бефарқ қараш ярамайди.
Бўйин остеохондрози билан оғриган одамда кучли ва давомли бош оғриғи, бош айланиши, кўзнинг хиралашиши, қўл бармоқларида санчиқлар, ҳолсизлик, ҳансираш ва қон босими ўзгариши каби белгилар пайдо бўлиши мумкин. Бош ва бўйнидаги оғриқлар оғриқ қолдирувчи дори воситалари ёрдамида вақтинча ўтиши мумкин. Касаллик бир неча босқичда кечади:
Биринчи босқич: агар бемор узоқ вақт давомида бир ҳолатда ўтирса, бош тўсатдан оғрийди. Бу кислород етишмовчилигидан томирларда спазмлар ҳосил бўлиши натижасида юзага келади. Вақт ўтиши билан дам олиш ва бош массажи оғриқни енгиллаштиради.
Иккинчи босқич: бош оғриғи тез-тез содир бўлиб, бошни қисиб тургандек ҳис қилинади. Бу билан бош айланиши, кўнгил айниши, эшитиш ва кўришнинг қисқа муддатли йўқолиши кузатилиши мумкин.
Учинчи босқич: бош оғриғи сурункали бўлиб, мия ишлашида қийинчиликлар пайдо бўлади. Бундай вазиятда кўплаб беморлар шифокорга мурожаат қилишга мажбур бўладилар.
Бўйин остеохондрозини даволаш учун замонавий тиббиёт кўплаб дори воситаларини таклиф этади. Уй шароитида бўйин оғриқларини камайтириш учун қуйидаги машқларни бажариш мумкин:
Оддий қалам билан бўйиннинг икки томонини уқалаш, бу қон айланишини яхшилайди.
Елка қисмида қўлларни айланма ҳаракатлари билан олдинга ва орқага силжитиш, 10-20 сония давомида ушлаб туриш.
Қўлларни пешонага қўйиб, устидан босиш ва бошни қўлларга қарата босиш, худди шу ҳаракатни бошнинг орқа томонида бажариш.
Ўнг қўлни чап чакка ўтказиб, бошни чапга тортиш, бошни қўллар билан ушлаб туриш. Шундай ҳаракатни ўнг тарафда ҳам бажаринг.
Шунингдек, остеохондрозни тўлиқ даволаш учун шифокор назорати зарур.